Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни қўллашнинг фуқаролик ҳуқуқий масалалари

Асосий янгиликлар

Давлат сектори ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва турмуш даражасини яхшилаш ҳамда шу каби бошқа кўплаб йўналишлардаги устувор мақсадларга эришишни таминлаш учун товар, иш ва хизматлар билан таъминлаб турилиши зарур. Бунда, албатта, давлат харидларига эҳтиёж сезилади.

Давлат харидларининг вазифалари давлат бошқаруви фаолияти учун зарур товар, хизмат ва ишлар билан ўз вақтида, керакли миқдорда ва турда, сифатда ҳамда нархда таъминлашдан ташқари рақобатни ривожлантириш учун давлат харидларига кўпроқ тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ундашдан иборатдир.[1] Бу вазифаларни амалга ошириш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳамда ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришларга таъсир кўрсатиш мумкин бўлади.

Давлат харидлари бозор элементи ҳисобланиб, унинг ёрдами билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида маблағларни тақсимлаш ва самарадорлигини ошириш содир бўлади. Бу эса, давлат харидлари соҳасига эътиборли бўлишни ва уни ривожлантиришни талаб қилади, бунда, албатта, тизимли ёндашув зурур.

Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида давлат харидларига оид қонунчилик тизими қайта кўриб чиқилиши натижасида янги таҳрирда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Шу сабабли, давлат харидларига оид қонунчиликни қўллашнинг фуқаролик-ҳуқуқий масалаларини илмий тадқиқ қилиб ўрганиш долзарб бўлиб ҳисобланади.

Ҳисоб палатасининг ҳисоботига кўра, 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Қурилиш соҳасининг ўзида эса 3,5 трлн сўмлик тендер савдоларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳисоботига кўра эса, 2021 йилда давлат харидлари бўйича 452 та тендер савдоларида 145,3 млрд cўм миқдорида қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу фақат аниқланганлари.

Пора олган давлат хизматчиси ўзига керакли тадбиркор тендерда ғолиб бўлишини таъминлаши учун амалиётда бир нечта схемалардан фойдаланади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу қоидабузарликлар қонунчиликдаги камчиликлар сабабли эмас, асосан амалиётда уларга қарши кураш сустлигидан келиб чиқади.

___________________________________________

Нохолис (субъектив) баҳолаш. Бу комиссия томонидан аризаларни кўриб чиқишда иштирокчилар томонидан кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширмаслиги ёки баҳолаш тартибида кўзда тутилмаган таклифлар учун ҳам қўшимча балл беришда намоён бўлади. Масалан, комиссия томонидан баҳолаш жараёнида иштирокчиларнинг  харид предметига тааллуқли бўлмаган кўрсаткич ва ютуқларини инобатга олиш.

Мисол тариқасида Коррупцияга қарши курашиш   агентлигининг маълумотларини келтириш мумкин: «Тошкент вилоятида 50,7 млрд сўмлик қурилиш объекти бўйича ўтказилган тендерга МЧЖ „В» категория билан кириб, баҳолашда Қурилиш вазирлиги томонидан „ССС» категорияга қайта баҳолангани оқибатида мазкур МЧЖ мағлуб бўлган)».

Шунингдек, субъектив баҳолашнинг яна бир кўриниши сифатида — бу буюртмачининг таклифдаги кейинчалик назорат қилмаган кўрсаткичларни баҳолаш жараёнида инобатга олишидир. Мисол сифатида, фирма юқори малакали мутахассисларга эга эканлиги учун тендерда ғалаба қозонади. Лекин,шартномани бажариш жараёнида аризада кўрсатилган мутахассислар ишга жалб қилинмаган ва буюртмачи эса бунга эътибор бермаган бўлади.

Давлат харидларига оид қонунчиликни қўллашнинг айрим амалий ва фуқаролик-ҳуқуқий масалаларига тўхтатилиб ўтамиз.

Биринчидан, амалиётда давлат харидларига оид муносабатларда шартнома шартларини ўзгартириш ёки бажарилмаган ишларни қабул қилиш ҳолатларига дуч келиш мумкин.Жумладан, керакли фирма тендер (аукцион)да ғолиб чиқиш учун бозор нархига мос бўлмаган зарарли нархларни ҳам таклиф этишига тўғри келиши мумкин. Лекин, кейинчалик шартномани бажариш жараёнида шартнома шартлари икки томонга манфаатли тарзда ўзгартирилади. Амалиётда шартнома нархи ўзгармаган, лекин амалда харид кам ҳажмда етказиб берилган ҳолатларни ҳам кўриш мумкин. Бундан ташқари, шартномадан фарқли турдаги маҳсулотлар буюртмачи томонидан қабул қилиб олиниши ҳам коррупция мавжудлигидан далолат беради. Мисол тариқасида 3,2% сут ўрнига 2% сутни етказиб беришни келтириш мумкин.

Мисол учун, Аксилкоррупция агентлиги маълумотларига кўра, Жиззах вилоятида 19 та объектда 6,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилгани ва 1,4 млрд сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилгани аниқланган. Қарши тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўзининг синглиси таъсисчилигидаги фермер хўжалиги билан 149,1 млн сўмлик гул кўчатларини ўтказиш бўйича шартнома тузиб, 27,1 млн сўм асоссиз харажатлар ҳисоботга киритилиб, ортиқча маблағ олинишига йўл қўйилгани аниқланган. Шаҳрисабз туман «Обод қишлоқ» дастури асосида 2 та маҳаллада пиёдалар йўлаги қуриш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатишда корхона томонидан 67 млн сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилгани ва смета ҳужжатларига материаллар нархлари асоссиз ошириб кўрсатилгани аниқланган.

Шу сабабли, судда давлат харидларига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш жараёнида айрим коррупциявий ҳолатлар ҳақида хабар бериши мумкин бўлган бюджет маблағларига эгалик қилишнинг қонунга зид усулларидан фойдалаганлик ҳолатлари аниқланганда хусусий ажрим чиқариш йўли билан ушбу ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мумкин.

Инсофли рақобатни ривожлантириш, давлат харидлари жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни тузиш, ўзгартириш, бекор қилиш ва мажбуриятларни лозим даражада бажариш жараёнида коррупцияни олдини олиш учун давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этиш талаб этилади.

Бироқ, давлат харидлари  тўғрисидаги шартномаларни тузишда вужудга келадиган барча фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қатъий рўйхат мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни эса ушбу соҳадаги шартномавий муносабатларнинг умумий жиҳатларини тартибга солади.

Шу сабабли, назаримизда, мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида «Давлат харидларига оид қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорини қабул қилиш зарурияти мавжуд.

 Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунида «давлат эҳтиёжлари» сўзлари матнда қўлланилмаган, лекин Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 457-моддасида давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш мазкур эҳтиёжлар учун товарлар етказиб бериш бўйича давлат контракти асосида, шунингдек унинг асосида тузиладиган давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланадиган, давлат бюджети ва молиялашнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобига таъминланадиган, Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари давлат эҳтиёжлари дейилади.

Давлат эҳтиёжлари тушунчасининг қонуний таърифи айнан ФК шартномавий муносабатларда мавжуд бўлиб, давлат органи у ёки бу шартномани тузишда кимнинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилганлиги масаласида судлар ўртасида мунозараларга сабаб бўлмоқда.  Шундай қилиб, у ёки бу эҳтиёжни Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжи – давлат эҳтиёжи сифатида кўрсатиш учун унинг чегараловчи белгиларини аниқлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 3-моддасига кўра, бюджет жараёни иштирокчилари – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат молиявий назорат органлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўлиб ҳисобланади.

Назаримизда, давлат эҳтиёжлари давлат ва унинг субъектларида бўлиши мумкин, бунда давлат буюртмачилари ёки махсус субъект ҳисобланган бюджет муассасаларининг эҳтиёжлари назарда тутилмаслиги лозим. Шубҳасиз, бюджет муассасаларининг товарлар, ишлар ва хизматларга нисбатан оммавий-ҳуқуқий тузилманинг эҳтиёжлари бўлиши мумкин. Бироқ, бу ҳолатда давлат харидлари тўғрисидаги қонун нормалари қўлланилмаслиги лозим. Бу фуқаролик муомаласи бўлиб, ушбу муносабатларга фуқаролик қонунчилиги нормалари татбиқ этилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ҳозирги кунда «давлат эҳтиёжлари» тушунчаси нафақат давлат органлари, балки бюджетдан маблағ олувчилар учун ҳам кенг ҳуқуқий муносабатлар соҳасини қамраб олган. Бу эса, давлатнинг асосий функцияларини ижро этишга қаратилган давлат буюртмаларининг асосий мақсадига зид ҳисобланади. Бюджет маблағларини олувчилар томонидан уни харажат қилишда аниқ ҳисобга олиш йўналишларининг мавжуд эмаслиги харажатларни назорат қилиш имконини чеклайди ва бу соҳада коррупция учун шарт-шароит яратади.

Назаримизда, давлат эҳтиёжлари рўйхати етказиб бериладиган маҳсулот, бажариладиган иш, кўрсатиладиган хизматнинг мақсадларига йўналтирилган бўлиши лозим. Зеро, ҳар қандай давлатнинг мақсади республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш бўлиб ҳисобланади. Ушбу мақсадлар давлат буюртмаларининг вазифаларини шакллантириш ҳисобига аниқлаштирилиши лозим. Бундай вазифаларга давлат заҳираларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш, мудофаа салоҳиятини ва давлатнинг хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш, давлатнинг халқаро мажбуриятини ижро этилишини таъминлаш, манзилли дастурларни амалга ошириш (ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқалар).

Учинчидан, суд амалиётида давлат харидларига оид муносабатларда давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари судларга давлат божини олдиндан тўламасдан даъво аризалари билан мурожаат қилишади.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасига кўра, давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари — етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Шу сабабли, амалиётда қонунчиликни қўллаш юзасидан айрим коллизияларни келтириб чиқараётганлиги сабабли давлат харидларига оид муносабатларда барча буюртмачилар учун тааллуқлилиги ёки истисно этувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда мазкур қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлади.

Тўртинчидан,давлат харидлари соҳасини яхлит тизимга солувчи «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди ва унда биринчи бўлиб давлат харидлари масаласини фуқаролик ҳуқуқий белгиси ҳисобланган давлат харидлари тўғрисидаги шартнома тушунчасига таъриф берилди.

Бироқ,  «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг амал қилиши барча давлат харидларига нисабатан татбиқ этилмайди, жумладан, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун амалга ошириладиган давлат харидларига, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат харидларига, фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига, нархлари қонун  ҳужжатларига мувофиқ қатъий белгиланган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига.

Мазкур муносабатларда давлат харидларини амалга оширишда фуқаролик-ҳуқуқий механизмнинг мавжуд эмаслиги, бу борада вужудга келадиган низоларни ҳал этишда турли хил ёндашувларни келтириб чиқаради.

Бешинчидан,маҳсулот етказиб бериш шартномасининг нормаларини давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб беришга оид муносабатларга татбиқ қилсак, унинг мазмуни давлат харидлари субъектининг мақомига тўғри келмайди. Масалан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Шу жиҳатдан, давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни турларига қараб уни муҳим шартлари ва ҳуқуқий оқибатларини ишлаб чиқиш лозим бўлади.

Олтинчидан,давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик давлатнинг фақат товарлар, ишлар ва хизматларга нисбатан эҳтиёжларини таъминлашга оид муносабатларини тартибга солишга қаратилган.

Давлатнинг ижарага нисбатан эҳтиёжларини таъминлашнинг фуқаролик ҳуқуқий жиҳати қайси норма билан тартибга солинади?

Бундан ташқари, давлат харидларига оид муносабатларда мол-мулк сотиб олиш масалалари ҳам давлат харидларига оид қонунчилик ҳужжатлари доирасида бўлиши лозим.

Еттинчидан, давлат харидлари тўғрисидаги қонунда таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси харид комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади, ФКнинг 380-моддасига кўра эса, кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва кимошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни кимошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. 

Бу ФКнинг шартнома тузиш тартибининг бузилишига олиб келади. Шу сабабдан ҳам давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларнинг ўзига хос жиҳатларини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқ.

Саккизинчидан, давлат харидларида «аффилланганлик» рақобат тамойилини таъминлаш нуқтаи назаридан баҳоланади.

Амалиётда давлат буюртмачиси давлат харидларини амалга ошириш жараёнида рақобатни чеклашга қаратилган ҳолатлар мавжуд эмаслигини ўрганиши лозим. Жумладан, тендерда иккита корхонанинг таъсисчиси бўлган субъектлар иштирок этаётган бўлса, улар алоҳида шахс сифатида қаралмаслиги лозим. Акс ҳолда рақобат бўлмаганлиги натижасида нархларни асоссиз равишда ошириш юзасидан келишувга эришилиши мумкин.

Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Саккизинчидан,қонунчилик ҳужжатларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим чет эл маҳсулотларни давлат харидлари асосида сотиб олмаслик юзасидан тақиқлар белгиланган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ва номенклатурасини кенгайтириш, тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш ва қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришда қўшимча қўллаб-қувватлаш, шунингдек рақобат муҳитини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 21 августдаги ПҚ-4812-сонли қарори қабул қилинди.

         Шу билан бирга, истисно тариқасида давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхати ҳам тасдиқланди (жумладан, гўшт, балиқ ва сут маҳсулотлари).

         Қонунчиликда бундай чеклов мавжуд бўлганлиги сабабли давлат харидлари иштирокчилари аукционда иштирок этиб, шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлиши учун етказиб берилаётган маҳсулотнинг келиб чиқиш сертификатини тақдим этишлари лозим.

         Бироқ, тарафларнинг ФКда маҳсулотнинг келиб чиқиш жойини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши мажбурийлигига оид норма мавжуд эмас.

Мазкур ҳолатда, суд мазкур муносабатлардан низо вужудга келганда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг давлат харидларини амалга оширишда ижтимоий-иқтисодий сиёсат устуворликлари, шу жумладан, юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришларнинг яратилиши, қулай экологик вазиятнинг сақланиши ҳисобга олинишига оид умумий тамойилини қўллаган ҳолда низони ҳал этиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 29 январдаги 41-сон қарори билан Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхати ва давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга (ишлар, хизматларга) преференция бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Маликахон Каландарова,

Судьялар олий кенгаши судьяси, ю.ф.н., доцент

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan