АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОР БЎЛГАН ЖАМИЯТ КОРРУПЦИЯНИНГ ДУШМАНИДИР

Асосий янгиликлар

Коррупция ––жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, қудратли  ва заиф бўлишидан қатъий назар барча мамлакатларда учрайди. Уни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади.

Коррупциянинг тарихий ўзаклари қадим  даврларга тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ, тараққиёт натижасида давлат тузилмасининг мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Тарихий манбааларда коррупцияга қарши курашган илк давлат сифатида қадимги Шумер тан олинади. Қадимги давлатларни ҳам бугунги ривожланган мамлакатларни ҳам  бу иллат боши берк кўчага олиб келгани бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Ҳатто, диний таълимотларда ҳам  биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуръони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тоборо кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш АҚШ президентини импечментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнининг ошиб бориши XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупциянинг дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайишига олиб келди.

БМТ таҳлилларига кўра, коррупция туфайли дунё иқтисодиёти ҳар йили 2,6 триллион доллардан зиёд зарар кўрмоқда. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан беш фоизини ташкил этади. Шунингдек, жаҳон бўйича пора сифатида тақдим қилинаётган маблағ 1,0 триллион доллар миқдорида бўлиб, бу гуманитар ёрдамлардан қарийб ўн баробар ортиқ.

Ушбу иллатни тадқиқ қилган бир қатор йирик мутахассислар  икки хил маънони англатувчи қонунлар,  аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги  ва ижро ҳокимияти бирлиги тамойилининг бузилиши  каби факторларни коррупцияни юзага келтирувчи омиллар сифатида кўрсатадилар ва шу боис жаҳон мамлакатларида унга қарши ички ва ташқи назорат, сайлов тизими орқали курашиш  каби усулларини таклиф этадилар.

Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, оқибат билан эмас, оқибатни пайдо қилувчи омил билан курашиш, яъни  коррупцияни пайдо қилувчи сабабларга  қарши курашиш муҳим саналади.Бу мамлакатларда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортиб, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби усуллардан унумли фойдаланиш уларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиққан.

Жиноятчи унсурларнинг хўжалик муносабатлари тизимини шакллантириш жараёнида фаол ва хуфёна иштирок этиши жамиятда ахлоқсизлик вазиятини туғдириши, бу эса ўз навбатида, мамлакат учун ҳам, жаҳон ҳамжамияти учун ҳам номақбул жиноий бозор иқтисодиётининг алоҳида тури шаклланишига олиб келиши  БМТ томонидан тан олиниб, 2003 йил 9 декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида коррупцияга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш мақсадида 3 кун давом этган конференция ташкил этилди. Бу конференция давомида 100 дан ортиқ давлат томонидан “Коррупцияга қарши ҳақаро конвенция” имзоланди. Конференциянинг биринчи иш куни (9 декабрь) БМТ томонидан бутун дунёда коррупцияга қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу конвенциянинг қабул қилиниши ва кучга кириш (2003 йил 31 октябрь) дунё мамлакатларининг коррупцияга қарши курашдаги ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди.

Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига 2008 йил 7 июлдаги ЎРҚ-158-сонли Қонуни билан қўшилган бўлиб, ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар  ва Адлия вазирликлари коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа Иштирокчи-давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгилаб қўйилган.

Ушбу Конвенцияда назарда тутилган ва коррупция сифатида эътироф этилиши мумкин бўлган қилмишлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир қатор моддалари билан жиноий қилмиш сифатида таъқиб қилинади.

Таҳлиллар кейинги беш-олти йил мобайнида  мамлакатимизда  корруцияга  қарши  кураш  бўйича  кўплаб  қонун  ва  қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлигини  кўрсатади.  Хусусан:

  • 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун;
  • “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сон Фармон;
  • Мазкур Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган 44 банддан иборат давлат дастури;
  • “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон Қарори;
  • “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 12 январдаги ПҚ81-сон Қарори  қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги  Фармонида мазкур стратегиянинг коррупцияга қарши курашишга оид, яъни 10-мақсади Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш,  83-мақсади Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш  ва 84-мақсади Коррупцияга мойил соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш каби  3 та мақсади  ўз аксини топган.

Умуман  мамлакатимизда  коррупцияга  қарши кураш давлат  сиёсати даражасига кўтарилиб  аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш,   давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш  ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини  таъминлаш  коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари  сифатида  қайд этилди. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий тамойиллари сифатида  қонунийлик,  фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги,  очиқлик ва шаффофлик,  тизимлилик,  давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги  ва жавобгарликнинг  муқаррарлиги белгиланди.  Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021 йил 6 июлдаги Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб янги механизмлар жорий этилди. Фармонга мувофиқ, “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни  юритиш, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилди ва  давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланди.

Мамлакатимизда  мазкур иллатга қарши кураш борасида амалга оширилган  ва яқин келажакда қилиниши лозим бўлган ишлардан битта  мақсад кўзланган. У ҳам бўлса коррупциядан холи жамият барпо қилиш  ва  кейинги авлодларга қонунийлик ҳамда  адолат асосига қурилган мустаҳкам жамият қолдиришдир.

Акмал ШЕРМАТОВ,

Андижон туманлараро маъмурий суди раиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan