КОНСТИТУЦИЯ ТАЛАБЛАРИНИ  ТАЪМИНЛАШДА  МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ЎРНИ

Асосий янгиликлар

Ер юзида илк давлатчилик элементлари пайдо бўлганидан буён ўтган минг йилликлар мобайнида  ҳокимият ваколатларини чеклаш, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига  қарши курашиш механизмларини ишлаб чиқиш масалалари долзарб бўлиб келган.   Инсоният тарихининг илк босқичларида кишилар қўрқувларини енгиш ва умумий ҳимояланиш учун маълум бир гуруҳларга  бирлашади.          Кейинчалик кишилик тафаккури ривожлана бошлагач ушбу давлатчиликнинг илк куртаклари бўлган  бирликларнинг ўзи томонидан одамларга нисбатан турли хил суиистеъмолчиликлар қилина бошлайди ва жамиятда мансабдорлардан ҳимояланиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Шунинг учун, тарихда бўлиб ўтган  турли инқилоблар ва қўзғолонларда  фуқаролар қирол ёки хон тимсолидаги давлатнинг ҳуқуқларини чеклаш ва инсон ҳуқуқларини эътироф этишга чақиришади. Шу тариқа маъмурий юстиция институти  одамларнинг ҳуқуқини ўзлари ташкил этган давлатнинг мансабдорларидан ҳимоя қилувчи механизм сифатида вужудга келади. Мамлакатимиз ҳудудида унинг ривожланиш тарихига қисқача назар соладиган бўлсак  VIII асрдан XX аср бошига қадар Ўрта Осиё аҳолисининг кундалик ҳаётида ва давлат бошқарувида шариат аҳкомлари ҳуқуқнинг асосий манбаси бўлиб, маъмурий юстициянинг элементлари ҳам бевосита ислом ҳуқуқи билан боғлиқ ҳолда шаклланган.

         Бу даврларда  маъмурий юстиция элементларининг ўзига хос хусусияти шунда эдики, бошқарув ва судлов ҳокимияти бир-биридан аниқ ажратилмаган ҳамда улар томонидан давлат қонунлари, диний ва урф-одат қоидалари биргаликда қўлланилган.          Шу сабабли, суд фаолияти ҳам бир вақтнинг ўзида ижро ҳокимияти раҳбари бўлган хон ёки амир (давлат раҳбари) номидан амалга оширилган. 

         Совет даврига қадар Ўзбекистонда хусусий шахсларнинг ҳокимият билан низоларини ҳал қиладиган ҳуқуқий институтларнинг ўзига хос дастлабки кўринишлари сифатида тадқиқотчилар томонидан энг аввало қози, мазалим ва бийлар фаолияти кўрсатиб ўтилади.

         Жумладан, суд жараёнлари асосан қозилар томонидан амалга оширилган ва у аҳолининг кундалик турмушидаги кўпчилик низоли масалаларни кўриб чиққан. Аста-аста бошқарув тизими ва унинг  мансабдорлари билан боғлиқ низоларни  кўриш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ислоҳотлар ҳам ўтказилган. Хусусан, Амир Темур ва 1785-1800 йиллардаги Бухоро амири бўлган Шоҳмурод даврида суд ислоҳотлари ўтказилиб, ҳар бир мусулмон, ҳатто қул ҳам қозига шикоят қилиши ва ноқонуний иш қилган хўжайинини жавобгарликка тортишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган. Шоҳмурод замонидаги мазкур ислоҳотларига кўра қирқ нафар қонуншунослардан иборат олий суд тузилиб, унга амирнинг ўзи раҳбарлик қилган.

         Қозилар ноиблар фаолиятига оид низоларни, қуйи ва юқори тоифалар ўртасидаги ишларни ҳал қилганидан кўринадики, Амир Темур ва Шоҳмурод даврида қозилар ҳозирги тушунчадаги оммавий низоларни ҳам кўриб чиққан.  

          Чор Россияси босқинидан кейин ушбу ҳудудлардаги суд тизимида ҳам қисман ўзгаришлар юз бериб, Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида рус фуқаролари учун умумимперия судлари, вилоят судлари, ҳарбий-дала судлари ташкил этилган. Хива хонлиги ва Бухоро амирлигида маҳаллий аҳоли учун сайланадиган қози ва бий судлари (Туркистон генерал-губернаторлигида халқ суди) сақланиб, оила ва фуқаролик ҳуқуқига оид масалаларни кўриб чиққан.

Россияда Муваққат ҳукумат томонидан 1917 йил майда маъмурий судлар ташкил этилган бўлсада, кенг ривожланмаган.

 Сталин давридан кейин жамият ҳаётида юз берган нисбатан ижобий ўзгаришлар таъсирида хусусий шахслар ҳуқуқларини тан олиш бўйича ҳам айрим силжишлар кузатилган. Бу вақтга келиб, маъмурий юстиция институтига доир масалалар нафақат олимлар ўртасидаги баҳс-мунозараларнинг предмети бўлиб қолган, шу билан бирга уларни қонун ҳужжатларида ҳам эътироф этиш бошланган.         Жумладан, собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Президиумининг 1961 йил 21 июндаги “Маъмурий тартибда солинадиган жарималарни қўллашни янада чеклаш тўғрисида”ги фармонига кўра, хусусий шахслар маъмурий органнинг қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин бўлган. 

         Афсуски, ушбу ўзгаришларни кейинчалик мустақил маъмурий ҳуқуқ доирасида ривожлантириш эмас, балки фуқаролик процессуал қонунчилигида умумий тарзда акс эттириш йўли танланган.

Мазкур жараён совет қонунчилигига ҳам ўз таъсирини ўтказиб,
1977 йилги собиқ Иттифоқ Конституциясининг 58-моддасида фуқароларнинг давлат ва жамоат органлари, мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланган, лекин кейинги ўн йил давомида мазкур меъёр декларатив характерга эга бўлиб қолган. Фақат, қайта қуриш даврида келиб 1987 йил 30 июнда ушбу меъёрни амалга ошириш тартибини белгиловчи алоҳида қонун қабул қилинган, 1989 йил 2 ноябрдаги қонун билан унинг қўлланиш доираси кенгайтирилган ва 1990 йил 27 июлда СССР Олий суди Пленумининг 7-сонли қарори чиққан.  

Маъмурий юстициянинг юқорида келтирганимиз қичқача тарихидан ҳам англашиладики,  маъмурий судлар тарихи қадим-қадимларга бориб тақалади  ва  асрлар мобайнида мукаммаллаштиришга ҳаракат  қилиб келинган.  Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин  барча соҳаларда, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширила бошланди ва 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон тарихида илк маротаба фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлардан алоҳида бўлган маъмурий судларнинг жорий этилиши ва 2018 йил 8 январда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни, 2018 йил 25 январда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг қабул қилиниши билан Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқ соҳасида янги давр бошланди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланиши билан боғлиқ конституциявий норманинг амалга оширилишини ҳам таъминлайди.

Маълумки, ихтисослашган судлар судга тааллуқли ишларни ўз вақтида, сифатли кўриш ва ҳал этиш, одил судловнинг самарадорлигини оширишдаги муҳим омиллардан биридир.Ўз навбатида мамлакатимизда маъмурий судларни ташкил этиш зарурати қуйидаги омиллар билан ҳам белгиланади:

Ø  жиноят қонунчилиги тобора либераллаштирилиб, айрим қонунбузарлик учун белгиланадиган жазо чоралари босқичма-босқич жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилиши;

Ø  судларда кўрилаётган фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишларига қараганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг кўпчиликни ташкил этиши;

Ø  фуқароларнинг давлат бошқарувига оид ҳуқуқлари ва қонуний манфаат-ларини суд тартибида ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш зарурати;

Ø  давлат бошқарув органлари, улар мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, бу соҳада суд назоратини такомиллаштиришнинг талаб этилаётгани.

Конституциямизнинг 44-моддасида  ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ўз навбатида мамлакати-мизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши асосий қонунимизда мустаҳ-камланган ушбу ҳуқуқларни самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Бинобарин, мамлакатимиз Конституциясида фуқаролик, жиноий ва иқтисодий суд ишларини юритиш билан бир қаторда маъмурий суд ишларини юритиш алоҳида соҳага ажратилганлиги, қолаверса, маъмурий процесс бошқа суд ишларини юритишда ўзига хос бўлган жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туриши Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги кодексни қабул қилинишини тақозо этди. Судда маъмурий ишларни юритишнинг фуқаролик процессидан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – унда бир тарафда албатта мансабдор шахс (давлат бошқаруви органи) қатнашишидир. Фуқаролик-процессуал муносабатларда эса ҳар иккала томонда ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзловчи фуқаролар-мулкдорлар иштирок этиши мумкин. Маъмурий суд ишларини юритишда мансабдор шахслар хусусий шахс сифатида эмас, балки ўзи фаолият кўрсатаётган идора, ташкилотнинг вакили сифатида иштирок этади. Шикоятчи низолашаётган хатти-ҳаракат ҳам ушбу шахс томонидан ўз хизмат вазифасини бажаришга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида талқин этилади. Бир сўз билан айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш ўзида бир тарафда фуқаро, иккинчи тарафда эса мансабдор шахс (ижро ҳокимияти органи) ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг махсус процессуал тартибини белгилайди.

Мамлакатимизда судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида 2022 йилнинг 29 январида Президентнинг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтиришга, маъмурий судларни фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришда дастурул амал бўлиб хизмат қилади.

Жамиятда фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий судларга бўлган ишончини ошириш учун уларнинг давлат органлари билан бўладиган муносабатларида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя этилишини таъминлаш зарур. Бунинг учун маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлар доирасида такомиллаштириш ҳамда давлат органлари томонидан суд қарорларининг ижро этилиши устидан суд назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади. Шу сабабли Президент қарори билан фуқаролар ва тадбиркорларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси этиб белгиланди.

Мазкур қарорда Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш белгилаб берилди. Эндиликда маъмурий суд ишларини юритишда «суднинг фаол иштироки» тамойили жорий этилади, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланади.

Ҳуқуқи бузилган фуқаролар ёки тадбиркорлар эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида ҳаракат қиладилар. Шунингдек, уларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга боғлиқ бўлган зарарларни ундириш ҳақидаги талабларини кўриб чиқиш ваколати маъмурий судларга берилади. Маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорлари давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан суд жарималари қўлланилади. Бунда маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорларини қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда қарор қабул қилган судга хабар бериш тартибига амал қилмаган давлат органлари ёки ташкилотлари мансабдор шахсларига суд ҳужжатини ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасига тортилади.

Давлат органлари ёки ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан суд ҳужжати такроран ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдори қўлланилади. Шунингдек, маъмурий судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича судлар учун мажбурий ҳисобланиши назарда тутилмоқда.

Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши маъмурий судларнинг жамиятдаги ролини кучайтиради, давлат органларининг мансабдор шахсларини ўз фаолиятини қонун асосида юритишга мажбур қилиш билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоя этилишига олиб келади. Натижада жамиятимизда аҳолининг судларга бўлган ишончи янада ортади.

Хулоса ўрнида, шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг судлар томонидан самарали тарзда ҳимоя қилинишида  маъмурий  судларнинг ўрни катта  ҳамда улар томонидан ишларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳимоя қилинишини таъминлаш  одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

Хикмат ДАВЛАТОВ,

Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan