СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА

Асосий янгиликлар

Мамлакатимизда судлар орқали шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоясини кучайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида ҳам ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш вазифаси қўйилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-888-сонли Қонуни қабул қилиниб, процессуал қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

7вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида
ва Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш белгиланди.

Процессуал қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришлардан бири суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш бўйича иш юритишга оид қоидаларни белгиловчи боб билан тўлдирилиши бўлди.

Бундан буён апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:

ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модданинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судларнинг тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:

ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан қуйидаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори — прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда.

Шунингдек, процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартиришга кўра суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни ёки ажримни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори ёки ажрими фақат юзаки асослар бўйичагина бекор қилиниши мумкин эмас.

Илгари юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларга юбориш жисмоний ва юридик шахсларнинг кўплаб эътирози ва сарсонгарчилигига сабаб бўлиб келаётган эди. Процессуал қонунчиликка киритилган, ишда иштирок этувчи шахсларни қувонтирадиган янгиликлардан бири мазкур тартибнинг бекор қилиниши бўлди. Бундан буён ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд асослар мавжуд бўлганда, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига эмас, балки суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга ваколатли эканлиги белгиланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун билан таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг шикоят қилишга бўлган ҳуқуқлари доираси кенгайиши ҳамда уларнинг эътирози ва сарсонгарчилигининг олдини олишга, Олий суд судьяларининг асосий эътиборини қуйи судлар учун ягона суд амалиётини таъминлашга қаратишга, судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга хизмат қилади.

О. ТЎХТАЕВ,

Тошкент шаҳар судининг бош консультанти

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan