Суд ва жараён


  Даъво муддати тикланмади

        Даъвогар С.Хакимова судга 2018 йил 18 май куни жавобгар Б.Шокировга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда  Боғистон кўчаси, 13 – уйда жойлашган“Чилангар” комбинати 2004 йил 15 июнь куни   “Карвон” МЧЖ номига рўйхатга ўтганлигини, кейинчалик давлат мулк қўмитасининг 1995 йил 28 апрель кунги 100-01-02/55-сонли давлат ордери ва   шаҳар ҳокимининг 2004 йил 22 апрелдаги гувоҳномаси ҳамда “Карвон йўли” МЧЖнинг 2017 йил 12 декабрдаги уставига асосан “Чилангар” комбинати  2017 йил 25 декабрь куни “Карвон йўли” МЧЖ   номига қайта давлат рўйхатига олинганлигини, ушбу корхонани таъсисчиси Б.Шокиров бўлганлигини, 2004 йилда унинг ушбу мулкдаги улуши 44,7 фоизни ташкил қилганлигини, ўзининг мазкур улушдаги ҳиссаси 22,35 фоизни ташкил этганлигини, “Карвон йўли” МЧЖ ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилиши муносабати билан 0,70га ер майдони қурилишлари билан 1.000.000 АҚШ долларига сотилганлигини, шундан Б.Шокировга тегишли улуш 44,7 фоизни ташкил қилишини, 447.000 АҚШ долларига баҳоланганлигини, мазкур 447.000 АҚШ долларидан унга тегишли улуш 223.500 АҚШ долларини ташкил қилишини, ҳозирги вақтда Б.Шокиров ушбу пулларни тўлиқ олиб, унга тегишли пул маблағларини бермасдан келаётганлигини,   ўзига тегишли мулкни  ажратиб олишга мурожаат қилмоқчи бўлганида онаси Д.Хакимова 2012 йил августдан то 2016 йил октябрь ойига қадар оғир касалликка чалинганлиги сабабли у қаровчига муҳтож бўлганлиги учун тегишли тартибда ўз вақтида мурожаат қилолмаганлигини, ушбу ҳолат  узрли сабаб бўлганлиги учун ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклашни, “Карвон” МЧЖни 22,4 фоиз улушини пул тариқасида 223.500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ундириб беришни сўраган.

          Шунингдек, даъвогар С.Хакимова судга жавобгарлар Б.Шокиров ва “Шохрух бизнес”МЧЖга нисбатан кўчмас мулк бўйича олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва улуш ажратиш тўғрисидаги қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб,   унда  Боғистон кўчаси, 13 – уйдажойлашган “Карвон” МЧЖ да унинг улуши 22,4 фоизни ташкил қилишини, Б.Шокиров унинг улуши борлигини билган бўлса-да,  улушдорларнинг розилигини олмасдан туриб, “Карвон” МЧЖнинг ўрнига “Карвон йўли” МЧЖни   ташкил қилиб, 2018 йил 30 январда ушбу корхона номидан  Боғистон кўчаси, 13 – уйда жойлашган биноларни “Шохрух бизнес”МЧЖга сотиб юборганлигини, уни улушдор эканлигини билган бўлса-да, розилиги олинмаганлигини, 2018 йил 30 январь куни “Карвон йўли” МЧЖва“Шохрух бизнес”МЧЖўртасида кўчмас мулкни олди-сотди шартномаси тузилиб, у улуш олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлигини билдириб, “Карвон йўли” МЧЖ  билан“Шохрух бизнес”МЧЖўртасидаги 2018 йил 30 январдаги кўчмас мулкни олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни, уни 22,4 фоиз улушини тўлиқ ундириб беришни сўраган.

          Фуқаролик ишлари бўйича  шаҳар судининг 2018 йил 4 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво талаблари рад қилинган.

          Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 10 июлдаги ажрими билан суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

          Назорат тартибидаги шикоятда даъвогар С.Хакимова  суд қарорларини бекор қилишни сўраган.

          Иш ҳолатларига кўра, Б.Шокиров 1985 йилда С.Хакимова билан қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган, биргаликдаги турмушларидан уч нафар фарзандли бўлишган.

          Фуқаролик ишлари бўйича  туманлараро суднинг 2007 йил 10 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, Б.ШокировваС.Хакимова никоҳдан ажратилган.

           Боғистон кўчаси, 13 – уйда   жойлашган “Чилангар” комбинати 2004 йил 15 июнда “Карвон” МЧЖ номига рўйхатга олинган. Б.Шокиров мазкур МЧЖнинг таъсисчиси бўлиб, унда унинг улуши 44,7 фоизни ташкил қилган.

          Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2009 йил 26 майдаги ажримига кўра, С.Хакимованинг Б.Шокировга нисбатан мол-мулкни бўлиш, улушдор деб топиш, олди-сотди шартномасини ҳамда баённомани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талаблари ва Б.Шокировнинг С.Хакимовага нисбатан автомашинани ва квартирани ҳадя шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларни умумий мулк деб топиш ҳақидаги қарши даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суднинг 2008 йил 23 июндаги ҳал қилув қарори қисман бекор қилиниб, С.Хакимованинг  Б.Шокировга нисбатан “Карвон” МЧЖ даги 44,7 фоиз улушини умумий мулк деб топиш ҳамда   “Р.Хамроев” ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган бино-иншоотлар юзасидан Б.Шокиров ва А.Тохирова ўртасида 2007 йил 27 мартда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талаблари рад қилинган.

          Боғистон кўчаси, 13уйда жойлашган “Чилангар” комбинати “Карвон йўли” МЧЖнинг уставига асосан мазкур МЧЖ номига 2017 йил 25 декабрда давлат рўйхатига олинган.

          2018 йил 30 январда расмийлаштирилган кўчмас мулк бўйича олди-сотди шартномасига кўра, “Карвон йўли” МЧЖга тегишли бўлган    Боғистон кўчаси, 13 – уйдажойлашган фойдаланишда бўлган 7162,14 кв.метр ер майдони, 920,46 кв.метр қурилиш ости ер майдони, 748,05 кв.метр бўлган фойдали (ички) майдони, “Чилангар”   комбинати бинолари (маъмурий бино ва қоровулхона, бокслар, ТП№2, таъмирлаш цехи) (ер майдонисиз) “Шохрух бизнес”МЧЖгасотилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган.

          Даъвогар томонидан киритилган даъво талабининг асосида собиқ турмуш ўртоғи Б.Шокировнинг“Карвон” МЧЖдаги улуши 44,7 фоизни ташкил этиши, улуш уларнинг биргаликдаги мулклари эканлигини, ҳозирги кунда унга тегишли пулни жавобгар беришдан бош тортиб келаётганлиги, бундан ташқари, МЧЖда 22,4 % улуши бўлса-да, жавобгар унинг розилигини олмасдан бинони сотиб юборганлиги, ўз вақтида мулкни ажратиб олмоқчи бўлганида онаси С.Хакимова 2011 йил август ойидан 2016 йил октябрь ойига қадар оғир касалликка чалинганлиги сабабли ўз вақтида судга даъво аризаси билан мурожаат қила олмаганлигини кўрсатиб, мазкур даъво талаблари билан судга мурожаат қилган.

          Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасида никоҳдан ажралган эр ва хотининг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилиши кўрсатилган.

          Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарорининг 28-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддаси биринчи қисми).

          Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 153-моддасида, бузилган даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлиши, 154-моддасида даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши кўрсатилган.

          Мазкур ҳолатда, даъвогар С.Хакимова даъво муддатини узрли деб топишни сўраган бўлса-да, тарафлар ўртасидаги низо юзасидан суднинг 2009 йил 26 майдаги қонуний кучда бўлган ажрими мавжуд бўлиб, мазкур ажримда жамиятдаги улуш қийматидан келиб чиқиб, пул компенсация сифатида ундириш масаласи кўрсатилган, бундай ҳолда даъво муддатини узрли деб топишга асослар мавжуд эмас.

          Судга жавобгар Б.Шокировнинг вакили ариза билан мурожаат этиб, даъво муддатини қўллаб, даъво аризани рад этишни сўраган.

          Биринчи инстанция суди С.Хакимова даъво муддатини узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборганлигини, узрли деб топишга асослар мавжуд эмаслигини, низодаги тараф даъво муддатини қўллашни сўраганлигини, шунингдек олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишга асослар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, даъво талабларини рад қилиш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

          Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг хулосаси билан келишган.

          Назорат шикоятидаги мулкни тасарруф этишда унинг мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги, даъво муддатини ўтказиб юбормаганлиги, чунки онаси оғир хасталиги сабабли унга қараганлиги ҳамда суд қарори устидан турли идораларга шикоят билан мурожаат қилганлиги сабабли судга мурожаат қилолмаганлиги ҳақидаги важлари билан келишиб бўлмайди. Чунки, тарафлар ўртасидаги низо юзасидан суднинг 2009 йил 26 майдаги қонуний кучда бўлган ажрими мавжудлигини инобатга олиб, иш ҳолатларида даъво муддатини узрли деб топишга асос мавжуд эмас.

           Судлов ҳайъати юқорида баён қилинганларга асосланиб, келтирилган шикоятни рад қилишни ва иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.

(Ажримда барча номлар ўзгартирилган).

                                                                         З.Исматуллаев ҳуқуқшунос