Савол ва жавоб

1.Ер участкасини танлаш материаллари қайси ташкилотлар томонидан тайёрланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарори билан “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига кура, ер участкасини танлаш материаллари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринда “Давергеодезкадастр” қўмитаси деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари (архитектура ва режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича), туман (шаҳар)лар қурилиш бўлимлари (ер участкасини танлаш учун бошқа материалларни тайёрлаш ва келишиш бўйича) томонидан тайёрланади.

Ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва (ёки) улар бўйича хулосалар бериш ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ваколатли ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишларининг қиймати қанча миқдорларда белгиланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кучмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туман (шаҳар) филиаллари (кейинги ўринда “Давергеодезкадастр” органлари деб аталади) ер участкасини танлаш материалларини, шу жумладан ер участкасининг топографик харитасини тайёрлайди, ер участкасига туташ ер участкалари (объектлар)нинг белгиланган мақсади турлари ҳақидаги маълумотларни шакллантиради, шунингдек ер участкаси чегараларини натурада белгилаш ишларини амалга оширади ҳамда ер участкасининг бошланғич нархини белгилайди.

Бунда, “Давергеодезкадастр” қўмитаси органларининг ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишларининг қиймати қуйидаги миқдорларда белгиланади:

ер участкаси майдони 0,01 гектар дан кўп бўлмаганда – энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари;

ер участкаси майдони 0,01 гектар дан кўп, лекин 0,05 гектардан кўп бўлмаганда – энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари;

ер участкаси майдони 0,05 гектардан кўп, лекин 0,1 гектаргача бўлганда – энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг турт баравари;

ер участкаси майдони 0,1 гектар ёки ундан кўп бўлганда – энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида.

Қандай болалар фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар сифатида ҳисобга олинади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низомнинг 7-бандига мувофиқ қуйидаги болалар фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар сифатида ҳисобга олинади:

ота-онаси вафот этган;

ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган;

ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;

ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган;

ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган;

ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган;

ота – онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон к;илинган болалар.

Фарзандликка олишни хоҳловчи шахс фарзандликка олиш учун яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига кўра, фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига куйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери турганлиги, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, агар фарзандлари бўлса уларнинг сони ва ёши, фарзандликка олинадиган боланинг ёши ва жинси кўрсатилган ариза;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);

оила аъзолари кўрсатилган холда яшаш жойидан маълумотнома;

иш жойидан иш ҳаққи кўрсатилган маълумотнома;

иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;

фарзандликка олувчи бўлишни хоҳловчи шахснинг соғлиги тўғрисида тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари.

       С.Асқаров, Олий суд катта мутахассиси