ҚУРОЛ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИНГ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ ВА БУНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЗАРУРАТИ

Асосий янгиликлар

Маълумки, сўнгги йилларда республикамизда кўплаб соҳаларни ислоҳ қилиш жадал суръатларда давом этмоқда. Шу маънода, қонун ҳужжатларига ҳам зарурий ўзгартиршлар киритиш, уларни янада такомиллаштириш, эътибордан четда қолган ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш ишлари ҳам мазкур ислоҳотлар жумласига кирадики, зеро бу ислоҳотлар жамиятимиз ривожи учун эҳтиёж даражасидаги заруратдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ-772-сон Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш, уларга эгалик қилишнинг талаблари ва шартларига бир қатор сезиларли ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритилди:

Жумладан, Жиноят кодексининг 247, 248, 249-моддалари ва Маъмурий кодексининг 185, 220, 2201, 221-моддаларига ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритилиб ўқотар бўлмаган қуроллар (пневматик, газли, сигнал берувчи, улоқтириш ва тиғли совуқ қурол ва электрошок қурилмалари) ва ўқотар қуролнинг асосий қисмлари билан қонунга ҳилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлиги учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди;

қурол эгалари ва уларнинг яқин қариндошларини қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширув ўтказиш тартиби, шунингдек, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар рўйхатлари тасдиқланди;

ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёши 21 дан 25 ёшгача оширилди;

тузилиши қайта ўқламасдан узлуксиз ўқ узиш имконини берувчи силлиқ стволли ярим автоматик ўқотар ов қуроли мавқеи сойли стволли қуролга тенглаштирилди (қуролга эгалик қилиш стажи камида 10 йил бўлиши керак);

ғайриқонуний мақсадларда маълум техник шароитлар ва кўникмалар ёрдамида қайта жанговар ҳолатга келтирилиши мумкин бўлган “паҳтавон” (“охолощенное”), ўқув ва вазн-габаритли (“массо-габаритное”) қуролнинг муомаласи тақиқланди (коллекциялаш ёки кўргазмага қуйиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслардан ташқари);

барча турдаги пневматик қуролга (оғиз қисмидаги қуввати джоул ва калибридан қатъий назар) эгалик қилишни фақат ички ишлар органларнинг рухсатномаси асосида амалга ошириш ҳамда фуқаро эгалигида бўлиши мумкин бўлган бундай қурол сонини 3 дона билан чекланди;

пневматик калта стволли қуролнинг (бундан унинг спорт объектларида сақланиши ва ундан фойдаланиши мустасино) муомаласи тақиқланди;

фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди;

биттадан ортиқ ҳар бир сойли стволли ўқотар ов қуролига, пневматик ов қуролига ва силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эгалик қилганлик учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади;

сойли стволли (нарезной) ўқотар ов қуролини, шу жумладан аралаш ўқотар қуролни ёхуд ярим автомат силлиқ стволли ўқотар ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини, ўқдон (барабан) сиғими тўрт дона патрондан ортиқ бўлган силлиқ стволли ўқотар ов қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват олтмиш беш жоулдан юқори ва калибри тўққиз миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролига эгалик қилиш стажи 10 йил сифатида белгиланди;

биринчи маротаба фуқаровий қуролни (ўзини ўзи ҳимоя қилиш, газли ва электрошокер қурилмалари бундан мустасино) олишда қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бўйича махсус қисқа муддатли курсалардан мажбурий ўқитиш тартиби белгиланди;

фуқаровий қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларга қўшимча равишда қуйидагилар киритилиб, улар юзага келганда қуролни зудлик билан олиб қўйиш механизми белгиланганди:

1) қасддан жиноятлар содир этилганлик учун судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлиги олиб ташланганлигидан қатъий назар (10 йил давомида);

2) қурол эгаси ёки қуролга эгалик қилиш истагини билдирган фуқаро
ва у билан бирга яшовчиларга нисбатан қораловчи маълумотлар мавжуд бўлганда.

Шу билан бирга, юқоридаги Қонун 2022 йилнинг 2 сентябридан ва жавобгарлик масалалари қисмида 2 декабрь куни кучга киради.

Ҳозирги пайтда амалдаги «Қурол тўғрисида»ги Қонунда фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ-дорилар соҳасида лицензиялаш ва рухсатнома бериш ваколати Миллий гвардия органларига юклатилган бўлиб, аммо фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ-дориларни сақлаш қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат, аниқланган қоидабузарликлар бўйича чора кўриш эса ички ишлар органларига юклатилган эди.

Хорижий давлатларда қурол муомаласи соҳасидаги муносабатлар, яъни лицензиялаш ва рухсатнома бериш ҳамда уларнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш ваколати ягона давлат органига топширилган.

«Қурол тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганидан сўнг ўқотар қуролдан ташқари пневматик, газли, сигнал берувчи, тиғли, улоқтириш қуроли ва электрошок қурилмаларига эгалик қилишга рухсат берилди.

Бироқ ўқотар бўлмаган юқорида кўрсатилган қуролларга ноқонуний эгалик қилиш учун эса қонунчилигимизда жавобгарлик мавжуд эмас эди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида фақатгина ўқотар қуролни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслик ва ноқонуний эгалик қилиш учун жавобгарлик белгиланган эди, холос.

Эътиборли жиҳати шундаки, ўтган 2020 йилда ўқотар бўлмаган қуролга рухсатномасиз эгалик қилиш билан боғлиқ аниқланган 2 174 та ҳолат бўйича шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш учун ҳуқуқий асос бўлмаган. Бу эса ўқотар бўлмаган қуроллар билан фуқаролар ўртасида «эркин муомала қилиш» вазиятини шаклланишига имкон яратаётган эди, яъни ўқотар бўлмаган қуролга ноқонуний эгалик қилиш, уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш, таълим муассасаларига олиб бориш ва ҳоказо ҳолатларда қурол эгаси ундан турли жиноий мақсадларда фойдаланмаслигига кафолат йўқ эди.

Шу сабабли қонунчилигимиздаги ушбу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш мақсадида зарурий ўзгартиришлар киритилди ва ушбу ўзгаришлар жамиятимиз келажаги учун юқори даражада манфаатли ва зарурдир.

Баҳром ТУЛЕБАЕВ,

Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ бўлинма бошлиғи, майор

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan